Букаё Сака «Арсенал»да қолди: 2031 йилгача расман битимга имзо чекди
Лондоннинг "Арсенал" мухлислари учун яхши хабар: жамоанинг энг катта таянчларидан бири саналган Букаё Сака клуб билан янги узоқ муддатли шартномага имзо чекди. Британ ОАВларига кўра, янги келишув 2030/2031 йилги мавсум охиригача, яъни 2031 йил ёзигача амал қилади.
Маълум қилинишича, бу музокаралар “бир кунда ҳал бўлиб қолган иш” эмас — келишув деярли бир йил атрофида давом этган, оғзаки келишув эса январ ойида шакллангани айтилмоқда.
Энг кўп муҳокама бўлаётган нуқта — маош масаласи. Манбалар Сака янги битим билан жамоанинг энг юқори маош олувчи футболчиларидан бирига айланиши, ҳафтасига тахминан 300 минг фунт атрофида (ёки ундан юқори) маош олиши мумкинлигини ёзмоқда.
Қисқаси, Микел Артета қурган лойиҳада энг муҳим “деталь”лардан бири жойида қоляпти. Бу эса фақат ҳозирги мавсум учун эмас, кейинги йилларда ҳам чемпионлик йўлида жамоанинг барқарорлигига ишора.
Статистика ҳам бу қарорнинг тасодиф эмаслигини айтиб турибди: у Англия Премьер-лигаси гранди сафида 296 та ўйинда майдонга тушиб, 77 та гол ва 78 та ассист муаллифига айланган.
Мухлислар тили билан айтганда: “Сака кетса — юракка оғир”, қолса — чемпионлик умиди янада жонланади. Энди энг қизиғи шу: бу имзо “катта совринлар вақти келди” деган сигналми ёки ҳали ҳам йўл узунми — жавобини майдон кўрсатади.