Артета АПЛда ҳар ҳафта ғалаба қозониш осон эмас деди
Лондоннинг «Арсенал» клуби бош мураббийи Микел Артета Англия Премьер-лигасида рақобат ниҳоятда кучли эканини таъкидлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Аввалроқ «канонирлар» чемпионат жадвалининг охирида бораётган «Вулверҳемптон»ни енга олмади. Учрашув 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.
Артетанинг айтишича, АПЛда ҳар ҳафта ютиб бориш жуда қийин, чунки жорий мавсум лига янада кучайган. Мутахассис ўтган мавсумда «Ливерпул»га омад ҳамроҳлик қилганини, бошқа кўплаб жамоалар, жумладан «Арсенал» ҳам, маълум маънода ўтиш даврида бўлганини қайд этди.
Шунга қарамай, «Арсенал» 27 ўйиндан сўнг 58 очко билан Англия чемпионати жадвалида пешқадамликни сақлаб турибди. «Манчестер Сити»дан устунлик беш очко, бироқ «шаҳарликлар»нинг бир ўйини заҳирада.