Ҳиндистон-Покистон чегарасидаги отишмада камида 10 киши ҳалок бўлди
Ҳар икки тараф тарқатаётган хабарларга кўра, ҳалок бўлганлар сони ошиши мумкин.
Покистон армияси матбуот котиби генерал-майор Асир Ғафур Ҳиндистонни ҳужумни бошлашда ва оддий фуқароларни нишонга олишда айблади.
Покистон армияси тарқатган маълумотларга кўра, баҳсли Кашмирнинг Покистон бошқарувидаги ҳудудида 6 нафар оддий фуқаро ҳамда бир аскар ҳалок бўлган. Ғафур икки аскар ҳамда беш оддий фуқаро жароҳат олганини қўшимча қилди.
Ғафурнинг сўзларига кўра, Покистон тарафи ҳужумга жавобан ўт очган, натижада тўққиз нафар ҳинд аскари ҳалок бўлган.
Аммо Ҳиндистондаги манбалар Покистон иддаоларини рад этди. Ҳиндистон полицияси ва армияси расмийлари Покистон чегарачилари ҳинд чегара пунктига ҳужум қилганини, натижада бир нафар аскар ҳалок бўлганини билдирди.