Бухорода араб тили ва ислом хаттотлик санъатидан сабоқ берадиган “Ал-Манар” маркази очилди (фото)
Аввал хабар берганимиздек Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан “Зиёрат туризм ҳафталиги» ўтказилмоқда. Ҳафталик давомида Бухоро вилоятида араб тили ва ислом хаттотлик санъатидан сабоқ берадиган “Ал-Манар” маркази очилди.
Хаттотлик Шарқ мамлакатларида ўзига хос алоҳида йўналиш касб этган ва фан даражасига кўтарилган. Ўрта Осиё халқлари ислом динини қабул қилиши билан бу ўлкага араб ёзуви ҳам кириб келди. Натижада инсонлар орасида муомалада бўлган қадимий уйғур, ўрхун-энасой, суғд, хоразмий ёзувлари аста-секин истеъмолдан чиқиб, уларнинг ўрнида VII аср охиридан араб ёзуви илму фан ва давлат ишларида расмий ёзувга айланди. Шу билан бирга араб хатини ўзлаштириш ва уни санъат даражасида кўтаришга жиддий аҳамият берила бошланди.
Ўрта Осиёда китоб босиш вужудга келгунига қадар қўлёзма китоб тайёрлаш, уларнинг нусхаларини кўпайтириш билан хаттотлар шуғулланган. Ҳар бир хатга санъат мўъжизаси сифатида қаралган. Шу сабабли бу санъат ривожланиб, турли хаттотлик мактаблари юзага келган.
Тадбирда Бухоро хаттотлик мактаби тарихи, унинг истиқболида бугундан иш бошлаган араб тили ва ислом хаттотлик санъатидан сабоқ берадиган “Ал-манар” марказининг ўрни ҳақида сўз борди.
XVI асрда Шайбонийлар сулоласи хонлари саъй-ҳаракати билан асос солинган Бухоро хаттотлик мактаби Мир Али Ҳиравий, Мир Убайд Бухорий, Мир Ҳусайн Кўланкий Бухорий, Саййид Абдуллоҳ Бухорий, Ҳожи Ёдгор, Пирмуҳаммад Сўфи Бухорий, Мирза Бухорий, Султон Муҳаммад Бухорий, Абдураҳмон Баркий Мунший, Иноятилло Котиб, Мирза Абдураҳмон, Фозил Девона, Аҳмад Дониш, Абдул Фаттоҳхон Мирза Маҳдихон каби вакиллари билан шуҳрат қозонган.
Тадбир давомида ҳафталик доирасида хаттотлар ўртасида ўтказилган танлов ғолиблари тантанали тақдирланди.
Ойбек Шукуров.