1 кг “опий” билан қўлга тушган шахсга суд ҳукми ўқилди: 8 йил қамоқ
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан гиёҳвандлик моддаси айланмаси билан шуғулланган шахсга нисбатан ҳукм ўқилди.
Самарқанд вилояти Ургут тумани Чеп маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.С. ўзининг “Cobalt” русумли енгил автомашинасида “Жартепа-Самарқанд” йўналишида ҳаракатланиб келаётган вақтда Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан тўхтатиб текширилганида автомашина салонида бир килограмм “опий” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланган.
Фуқаро Ш.С. ушбу гиёҳвандлик моддасини Ургут туманида яшовчи “Акмал” исмли шахсдан бошқа бировга етказиб бериш учун олганлиги, бунинг учун унга 500 АҚШ доллари хизмат ҳақи берилганини маълум қилган.
Суд ҳукмига кўра, Ш.С. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 57-моддалари ҳамда 273-модданинг 5-қисми билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.