АҚШ ва Канада чегарасида автомобил портлаши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
Дастлабки маълумотларга қараганда, автомобиль ичида портловчи модда бўлган. Шунинг учун Ниагара шаршараси атрофидаги учта кўприк хавфсизликни таъминлаш мақсадида ёпиб қўйилган. Бу кўприклар АҚШнинг Нью-Йорк штати ва Канаданинг Онтарио провинцияси ғарбида жойлашган. Мазкур ҳудуддаги ҳукумат бинолари эвакуация қилинди.
Fox News автомобиль АҚШдан Канадага бораётганини, Би-би-си эса автомашина йўналиши номаълум бўлганини хабар қилди.
Портлаш Ниагара дарёсидан ўтган Камалак кўпригининг АҚШ ҳудудидаги қисмида содир этилган, деб ёзди Associated Press. CNN телеканали эса автомобиль чегарачилар томонидан ҳужжат текшириладиган назорат пунктида содир этилганини билдирди.
Fox New таъкидича, Федерал тергов бюроси ҳодисани теракт сифатида баҳоламоқда. Расман бу маълумот ҳозирча тасдиқланган эмас.
Портлаш АҚШда ҳар йили нишонланадиган Шукроналик куни арафасида юз берди. Шу кунларда Қанада ва АҚШ чегарасида тиғизлик юзага келади.
Канада бош вазири Жастин Трюдо ҳукумат АҚШ билан ҳамкорликда саёҳатчилар хавфсизлигини таъминлаш бўйича чоралар кўраётганини билдирди. Оқ Уй ҳодисани диққат билан ўрганаётганини маълум қилди.

