Босния суди собиқ мусулмон қўмондонни оқлади
Босния ва Герцеговина суди Боснияда 1990 йилларда бўлиб ўтган уруш давомида Сребреницада мусулмон қўшинларга қўмондонлик қилган Носир Орични уруш жиноятларини содир этмаган, деб топди.
Давлат ҳарбий жиноятлар суди Орич 1992 йилди уч этник серб маҳбусни ўлдирмаган, деб қарор чиқарди.
Яна бир Босния армияси аскари – Сабаҳудин Муҳич ҳам айбсиз, деб топилди.
Ҳалок бўлган сербларнинг қариндошлари суд қарорига эътироз билдириб, маҳкамани тарк этишди.
Кўпчилик боснияликлар Орични 1992-1995 йилларда мусулмонларни ҳимоя қилган қаҳрамон ўлароқ кўради.
1995 йил босниялик серблар Сребреницани босиб олиб, 8 мингдан ошиқ мусулмон эркак ва ўғил болани ўлдирган.
Ушбу қатлиом Европада Иккинчи жаҳон урушидан бери содир этилган энг йирик ҳарбий жиноят ҳисобланади.
2006 йил Ҳаага Халқаро Трибунали Орични серб маҳбуслар ўлдирилиши олдини олмагани учун 2 йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида қарор чиқарган, аммо собиқ қўмондон бундан аввал турмада бўлгани учун дарҳол қўйиб юборилган эди.
2008 йили БМТ суди Ҳаага Халқаро Трибунали қарорини бекор қилиб, Орични оқлаган.
Собиқ қўмондон оқланганидан норози бўлган Белград 2014 йил Орични Сребреницада тўққиз нафар сербнинг ўлдирилишида айблаб, маҳкамага тортган эди.