Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташаббуси билан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Халқ таълими вазирлиги ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ўртасида “Аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан барча маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини мутлақо янгича тартиб ва таъсирчан усулларда тарғиб қилувчи “Саломатлик мактаблари” ташкил этилмоқда.
Мазкур мактаблар Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Мактабгача таълим вазирликлари ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим марказининг “Аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш тўғрисида”ги қўшма қарори ижроси доирасида шакллантирилмоқда. Шу боис, ушбу мактаблар фаолиятига Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бир қаторда юқоридаги ташкилотлар ҳам масъул этиб белгиланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати томонидан маълум қилинишча, “Саломатлик мактаблари” олдига касалликларнинг олдини олиш бўйича олиб бориладиган профилактика ишларини нафақат хонадонда, балки ўқув муассасалари, боғча ва маҳалларларда ҳам ташкил этиб, профилактика қамровини янада кенгайтириш, аҳолида ўз саломатлигига бўлган масъулиятни ошириш вазифаси қўйилди. Ушбу мактаблар ўз фаолиятида ҳисобот ва маълумот ёзиш каби қоғозбозлик ишларидан буткул чекиниб, асосий диққат-эътиборини аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини таъсирчан ва самарали усуллар орқали тарғиб қилишга қаратади. Уларнинг фаолиятига бериладиган баҳо ҳам айнан натижага кўра бўлади.
Ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Саломатлик мактаблари” фаолиятини йўлга қўйиш бўйича йўриқнома ишлаб чиқди. Шунингдек, бу йўналишда амалга оширилиши режалаштирилган тарғибот тадбирлар дастури тайёрланди.
“Саломатлик мактаблари” ҳар бир маҳаллада жамоатчилик асосида фаолият юритади. ҚВПлар, қишлоқ ва шаҳарлардаги оилавий поликлиникаларнинг умумий амалиёт врачлари, патронаж ҳамширалар, маҳалла фаоллари, таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул ходимлари, жисмоний тарбия ўқитувчилари, таълим муассасалари шифокорлари ҳамкорликда мазкур жамоат тузилмасига бирлашиб, оилаларда, аҳоли орасида, таълим муассасаларида ўқувчи ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этади.