Жиззахлик йигитни “нигериялик қариндоши” 10 минг долларга чув туширди
Фориш туманида яшовчи Келдиев Комрон ижтимоий тармоқда Станислав Келдиев исмли африкалик йигит билан танишди. Тез фурсатда фамилиядоши билан апоқ-чапоқ бўлиб кетди. Станиславнинг айтишича, отаси татар, онаси рус бўлиб, ўзи Африкада истиқомат қиларди. Бобоси асли Форишдан бўлгани уларнинг дўстлигини янада мустаҳкамлади. Станислав жуда бой киши сифатида ўзини тутарди.
Кунлардан бир куни Роберт Жексон исмли адвокат Комронбекка алоқага чиқди ва Станислав тўсатдан вафот этганини, қариндошларига, жумладан, Комрон Келдиевга ҳам 10 млн доллар мерос қолдирганини хабар қилди. Фақат Европадаги банкдан пул олиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришга бор-йўғи 10 минг доллар етмаётганлигини қўшиб қўйди. Миллионер бўлиш хаёлидаги Келдиев танишлардан қарз-ҳавола қилиб 10 минг долларни тегишли манзилга юборди. Шундан сўнг адвокат Роберт Жексон ҳам, унинг тармоқдаги саҳифаси ҳам йўқолиб қолди. Комрон Келдиев Ички ишлар идорасига қилган мурожаати натижасида фирибгарлик қурбони бўлганини тушуниб етди.
Интернетдан, хусусан, ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчиларнинг аксарияти номаълум кимсадан қуйидагича мазмундаги хатни олган: “Hello Dear, My name is Katie Higgins, From United States of America. I am a Blue Angels United officer working at US Navy Base camp in Syria, I am interested in you,I will introduce myself better ,write me now at please write me now i have something important to tell you. Thanks and kisses. Katie Higgins”. Бундан хатларнинг сюжети бир-бирига ўхшаш. Собиқ қирол, миллионер, президент ёки унинг қариндошлари томонидан йўлланади. Яна бир варианти, гўёки вафот этган бой хат олувчига фалон миллион долларни васият қолдирган, бироқ уни олиш учун “озгина харажати бор”.
Фирибгарлик мазмунидаги бундай хатлар “нигерияча мактуб” номини олган. Чунки интернет кириб келмасдан олдин ҳам Нигерияда бундай мактублар оддий ҳол эди. Интернет вужудга келиши билан “нигерияча мактуб”ларнинг хилма-хил мазмундагилари урчиб кетди, ва ҳаттоки, 2005 йилда унга Шнобел мукофоти берилди.
Юртдошларимиз бундай фирибгарликларга учмаслиги учун ҳушёр бўлиши, ҳамиша шахси аниқ кишилар билан муносабат ўрнатишга интилиши лозим.
Манба: Sof.uz