Президент Шавкат Мирзиёевнинг 19 июлдаги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги («Ўзатом») ташкил этилди.
«Ўзатом» ҳузурида Илмий-техник ва экспертлик кенгаши тушкил этилди. Унинг таркибидан президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Фанлар академияси, «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик ва маҳкамалар вакиллари, атом энергетикасини ривожлантириш соҳасидаги халқаро экспертлар ўрин олган.
Фармонда октябргача «Тинч мақсадларда атом энергиясидан фойдаланиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси, йил охирига қадар — 2019−2029 йилларда Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш концепцияси, 2019 йил июнигача — атом энергетикасини ривожлантириш бўйича инвестицион лойиҳалар портфели, 2019 йил ноябригача — 2019−2029 йилларда атом энергетикасини ривожлантириш давлат дастурини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Ҳужжатда йил охиригача атом энергетикаси соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш учун Ўзбекистон миллий университети ва Самарқанд давлат университетига қабул квоталарини тасдиқлаш белгиланган. талабаларни атом энергетикаси мутахассислиги бўйича хориж таълим муассасаларида ўқиши ва малака оширишини ташкил этиш режалаштирилмоқда.