КУН КУЛГИСИ…
«ЗЎРЛАРНИНГ ЗЎРИ МЕНМА-А-АН!!!»
Парпи пиённинг бешинчида ўқийдиган ўғли Толмасвой заифроқ чиқиб қолди. Озғинлиги тенгқурларининг кулгисини қистатар, жаҳли чиқиб сўкинса кўплашиб дўппослашга тушишарди. Худонинг берган куни Толмасвой шалвираганча юз-кўзи кўкариб, кийимлари йиртилиб уйга келарди. Энаси Савилниса бўлганича бўлди. Неча марта зўравонларникига ҳассасини тўқиллатганча бориб дағдаға қилди. Барибир Толмасвойини дўппослайверишди…
Бугун эса энасини ҳайрон қолдириб, соппа-соғ кириб келди. Юз-кўзи ҳам кўкармаган, кийимлари ҳам йиртилмаган. Устига-устак оғзи қулоғида эди.
— Вой, болажоним, нима бўлди? Тинчликми? — сўради Савилниса Толмасвойни айланиб гоҳ кийимлари, гоҳ юз-кўзларига чақчайганча термиларкан. — Бугун дўппослашмабди. Бўларкан-ку соғ келсанг! Ҳа, ўша муштумзўр тенгқурларингникига кеча яна бориб айтадиганимни айтганман. Ота-оналарига ҳаммасини гапирганман. Агар яна Толмасвойимни дўппосласа, ҳассам синиб кетгунча савалайман деганман. Қўрқади-да! Қўрқмай қаергаям боришарди!
— Эна, — деди Толмасвой баттар оғзининг таноби қочиб. — Ҳассангиздан қўрқмаган улар. Бошқа сабаби бор.
— Қанақа сабаб?
— Зўр усул ўйлаб топдим.
— Усул? Ҳа-а, демак уларни тошбўрон қилгансан. Ёки йўғон ходаминан биттасини боплаб туширган бўлсанг, қолганларига сичқоннинг ини минг танга бўп кетган. Шундайми? Тўғри-да, қачонгача ўша жувонмаргларнинг калтагини ейсан? Сенам ердан чиққан қўзиқоринмассан. Битта-ю битта худодан тилаб олган боламсан. Боплабсан!
— Йў-ўқ, — кулди Толмасвой. — Тошбўрон ҳам қилганим йўқ. Йўғон ходаминан ҳам туширмадим.
— Ие, унда қанақа усул ўйлаб топа қолдинг? Гапир! Гапирсанг-чи!
Толмасвой бир муддат тараддуланиб турди-да, жавоб қилди.
— Энди кўплашиб дўппосламоқчи бўлишганди, портфелимни шартта ерга ташлаб, кўзларимни чақчайтириб, афтимни бужмайтириб:
«МЕН КОРОНАВИРУСГА УЧРАГАНМА-АН!»,
деб бақировдим, ҳаммаси тирақайлаб қочиб кетди.
Олимжон ҲАЙИТ