РОССИЯ «ТОЛИБОН»ДАН ТЕРРОРЧИ ТАШКИЛОТ МАҚОМИНИ ОЛИБ ТАШЛАШИ МУМКИН…
Россия Афғонистондаги «Толибон» ҳаракатидан «Россияда фаолияти тақиқланган террор ташкилоти» деган мақомни олиб ташлаши мумкин. Шу ҳақда Россия президентининг Афғонистондаги расмий вакили Замир Қобулов расман маълум қилди. Вакил айтдики, агар Бирлашган миллатлар ташкилоти «Толибон»ни террор ташкилоти деб аташдан воз кечса, Россия ҳам дарҳол юқорида тилга олинган мақомни олиб ташлайди.
Россия тарафи АҚШ ва «Толибон» ўртасида тузилган тинчлик битимини юқори баҳолади. Албатта, буни дунё кўриб турибди. Узоқ йиллар давом этган фуқаролар уруши, хунрезликлар иншооллоҳ энди барҳам топади. Афғонистон халқи тинчликда, хотиржамликда умр кечира бошлайди. Бегуноҳларнинг қони тўкилмайди. Оталар боладан, болалар отадан, акалар укадан, опалар сингилдан айрилиб фарёд чекмайди.
Икки томонлама тинчлик битими тузилишида республикамиз президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳам алоҳида ҳиссаси бор. Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари, жонбозликлари, ташаббускорликлари боис шундай тарихий ҳодиса юз берган бўлса не ажаб.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва «Толибон» ўртасидаги тинчлик битимини имзолаш масаласи 2018 йил июлидан бери муҳокама қилиб келинган. Ниҳоят 2020 йил 29 феврал куни Қатар пойтахти Доха шаҳрида худди ўша тарихий воқеа юз берди. Икки томонлама тинчлик битими имзоланди. Шундан сўнг Америка президенти Дональд Трамп Афғонистондан ўз мамлакати қўшинлари олиб чиқиб кетилишини маълум қилди.
«Толибон» 1994 йили Афғонистонда фуқаролар уруши авж паллага кирган бир маҳал тузилган. 1996-2001 йиллари толиблар Афғонистон ҳукумат тепасида бўлишди. 2001 йили уларнинг ҳокимлигига барҳам берилгач, партизанча уруш ҳаракатларини бошлашди. Шу тарзда Афғонистон ҳукумат қўшинлари, НАТО нинг Афғонистон ҳамда Покистондаги армиясига қарши курашга муккадан кетишди.