Москва мэри шаҳарликларга Ғалаба парадига чиқмасликни тавсия қилди
Москва мэри Сергей Собянин шаҳарликларга Россия кунида (12 июнь) бўлиб ўтадиган расмий тадбирларга ҳамда Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан 24 июнь куни Қизил майдонда ўтказиладиган парадга қатнашмасликни тавсия қилди.
Собянин "Россия 24" телеканали орқали бу кунлари ҳеч қанақа оммавий тадбир ўтказиш режаланмаётгани, бунақа тадбирлар коронавирус эпидемияси туфайли ҳозирча тақиқланганини билдирди.
“Ҳа, 12 июнь куни ҳам, парад куни ҳам расмий тадбирлар ўтказилади. Аммо уларни телевизор орқали кўрган яхшироқ. У ерда ҳеч қанақа издиҳом, томошабинлар бўлмаслиги лозим”, дея таъкидлади Москва мэри.
Россия президенти Владимир Путин Ғалаба парадини 24 июлга белгилагани ҳақида аввалроқ хабар қилган эдик. Куни кеча эса Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков бир неча мамлакат расмийлари Москвадаги парадда қатнашишни тасдиқлаганларини билдириб, бу мамлакатлар орасида Ўзбекистонни ҳам санаб ўтганди.