ҚАШҚАДАРЁДА ВИЛОЯТ СЭС СОБИҚ РАҲБАРИ КАТТА ПУЛ ЎҒИРЛАГАНЛИКДА АЙБЛАНДИ…
Республика бош прокуратурасининг иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти Қарши бўлими вакиллари вилоят СЭС собиқ раҳбари ва унга шериклик қилган бир неча кимсаларни ташкилот ҳисоб рақамидан катта пул ўғирлаганликда айблади.
Терговолди суриштирув ишлари шуни кўрсатдики, Қашқадарё вилоят СЭС собиқ раҳбари Ш. Шеров, бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган Б. Боймуродов ва яна бир неча амалдорлар хизмат вазифасини суистеъмол қилган ҳолда ташкилот ҳисоб рақамидан жами 917,8 млн сўм пулни фириб йўли билан ўғирлаган.
Юқорида келтириб ўтилган пулларнинг 480,1 млн сўми ишламайдиган одамларга гўё маош сифатида ҳисоб рақамидан ечиб олинган. 271,6 млн сўмни қўлга киритиш учун эса фирибгарлар ходимларга гўё рағбатлантириш пули бериш имконини берувчи қалбаки ҳужжат тайёрлашган. 166,1 млн сўм пул дезинфекция қилиш мақсадларига йўналтирилган гипохлорид кальций сотиб олиш учун гўёки сарфланган. Аслида бу пуллар ҳам фирибгарлар киссасига тушган.
Ҳозирда ушбу факт юзасидан жиноят иши очилган.