Яна ўша гап: суббота десаям бўлади, шестница десаям… Шундай эмасми Аҳад ака?
Аммо буниси энди ўтиб тушди-ёв. Ўзи ўзбек тилига русча сўзларни қўшиб, бўтқа («каша» десам, ўзим ҳам аралаштирган бўламан) қилиб ташлаяпмиз. Фильм суратга олаётганда аксарият режиссёрлар ўзбекча гапирмайди: «Мотор! Стоп! Ещё дубль! Начали!..» Барака топкур, ғайри тилни шунчалик яхши биларкансан, киноингни номини ҳам шу тилда ёзганингда мундо-о-қ тўғрилаб ёзгин…
Фильм ишланаётганда катта бир жамоа ишлайди. Айниқса, унга ном берилаётганда роса бош қотирилади. Наҳотки, бир инсон фильм номини тўғри ёзиб беролмаган бўлса… «Одиночный мать»… Куласизми, куясизми? Ўзбек тилига таржима қилинганда «Битта-битта она» деган маъно келиб чиқади. Шунда ҳам «женский-мужской род»ларни эътиборга олмаганда! Ахир «Ёлғиз она»нинг русча таржимаси «Одинокая мать» эканлигини Эшмат билмаса, Тошмат, Аҳад билмаса, Самад, Қаюм билмаса, Наим билади-ку!
«Узбекфильм на русском языке»… Бу нима дегани? «Ўзбекфильм рус тилида» деб таржима қилинса агар, қандай маъно беради? Жиллақурса, «Узбекский фильм на русском языке» деб ёзса ҳам бўларди-ку.
Яна кўп нарсалар ёзмоқчи эдим, аммо кўз қурғур яна бир «УзбекФильм» афишасига тушиб қолди. Уни кўриб, бирор нарса ёзишга ҳафсала ҳам қолмади! Ҳарф, нуқта, вергул ва яна бошқа тиниш белгилари ҳайф кетмасин…
Манба: postda.uz