Байден Россияни АҚШнинг "мухолифи", Хитойни эса "рақиби" деб ҳисоблайди
Байден учрашувда “Сизнинг тасаввурингизда Россия АҚШнинг душманими?” деган саволга жавоб берган. Ўз жавобида у “душман” сўзини ишлатмаган, бунинг ўрнига opponent калимасидан фойдаланган, бу сўзни “мухолиф” дея таржима қилиш мумкин. Байден Россия президенти Владимир Путиннинг асосий мақсади НАТОни парчалаш, бу билан Европадаги стратегик вазиятни ўзгартириш, деган мулоҳазани билдирган.
Хитойга тавсиф бериш илтимосига жавобан Байден бошқа бирикмадан фойдаланган – у ХХРни АҚШнинг “жиддий рақиби” деб атаб, Вашингтон Осиёдаги иттифоқчилари билан алоқаларини мустаҳкамлаши зарурлигини урғулаган.
Республикачилар ва Байденнинг рақиби бўлган амалдаги президент Дональд Трампнинг шахсан ўзи демократни Хитойга нисбатан кўнгилчанлик қилаётганликда айблаб, бир неча бор танқид қилишган. Демократлар эса, ўз навбатида, Трамп Путинни қарийб ҳеч қачон танқид қилмаслигини таъкидлаб, уни Россияга нисбатан етарли даражада қатъиятли ва принципиал эмас, деб ҳисоблайдилар.
Аввалроқ Байден кампания чоғида бир неча маротаба Россияга нисбатан қатъийроқ сиёсат юритишини, демократия ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишини ҳамда бошқа демократик давлатлар билан биргаликда Москвага нисбатан ягона сиёсат ишлаб чиқишга уринишини билдирган.
Куни кеча Федерал тергов бюроси директори Кристофер Рей Конгрессда қилган чиқишида Россия сайлов олдидан Байден номзодини “бадном қилиш”га уринаётганини билдирган. У сайловлар билан боғлиқ инфратузилмага хакерлик ҳужумлари уюштирилган 2016 йилдан фарқли ўлароқ Россия томонидан ҳали ҳеч қандай ҳаракат амалга оширилмагани, ҳозирча дезинформация кампанияси билан чекланилаётганини билдирган. Рейнинг бу фикрига қўшилмаган Дональд Трамп ФТБ раҳбарини Россиянинг ўрнига Хитойга эътибор қаратишга чақирган.
АҚШда галдаги президент сайлови шу йил 3 ноябрида бўлиб ўтади. Аксарият сўров натижаларига кўра, Байден айни пайтда асосий штатларда Трампдан олдинда бормоқда.