Туркияда содир бўлган зилзила қурбонлари сони 35 кишига етди
Шу билан бирга, жароҳат олиб шифохонага ётқизилганларнинг саккиз нафари реанимация бўлимида.
Зилзила оқибатида жами 892 киши жароҳат олган. Уларнинг 831 нафари Измирда, 54 нафари Ойдинда, бештаси Манисада, иккитаси Баликесирда қайд этилган.
Измирда камида 20 бино қулаб тушгани хабар қилинди. Зилзила кичик сунамини келтириб чиқарди, оқибатда Сефериҳисарнинг қирғоқ кўчаларини сув босди.
Эслатиб ўтамиз, 30-куни тушдан кейин Туркиянинг ғарбий қисмида 6,6 балли зилзила содир бўлди. Зилзила эпицентри Эгей денгизида, Измир вилоятининг Сефериҳисар шаҳри яқинида бўлган.
Зилзила кучи Греция оролларида ҳам сезилди. Грек сейсмологлари унинг кучини 6, 9 балл деб баҳолади. Зилзила оқибатида Грециянинг Самос оролида икки киши ҳалок бўлди ва 20 киши жароҳат олди. Оролда 6 ойлик фавқулодда ҳолат эълон қилинди.