ЕХҲТ Минскни президент сайловини янгитдан ўтказишга чақирди
ЕХҲТ Беларусь расмийларини халқаро стандартларга мувофиқ равишда президент сайловини қайтадан ўтказишга чақирди. Ташкилот ўз ҳисоботида 9 август куни ўтказилган президент сайловидаги овоз бериш натижаларини бекор қилишни таклиф қилди. Мазкур сайлов натижаларига кўра, Марказий сайлов комиссияси Александр Лукашенкони ғолиб, деб эълон қилган эди.
Ҳисобот муаллифлари барча босқичларда сайлов жараёни бузилганига эътибор қаратганлар ва Беларусь расмийлари томонидан инсон ҳуқуқлари бузилганини қоралаганлар.
ЕХҲТ ҳисоботи АҚШ, Франция ва Буюк Британия дохил 17 давлат талаби билан тайёрланган. Ҳужжат 700 та тақдим этилган далилга асосланган. Минск аввалроқ суриштирувни олиб борган экспертлар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортганди.
Шу йил 9 августида бўлиб ўтган президент сайловидан кейин Минск ва Беларуснинг бошқа шаҳарларида норозилик чиқишлари бошланган. Норозилар расмийларни мисли кўрилмаган сохталаштирув ва митинг иштирокчиларига нисбатан шафқатсизликда айблашиб, Александр Лукашенко истеъфосини ва қайта сайлов ўтказилишини талаб қилмоқдалар.
Норозилик намойишларини бостиришда камида тўрт киши нобуд бўлган, олти киши бедарак йўқолган, жабрланганлар ва ҳибсга олинганларнинг аниқ сони ҳалигача маълум эмас, бироқ улар сони минглаб экани айтилади. Ғарб мамлакатлари Лукашенкони легитим президент, дея тан олишмаган.