ЮНИСЕФ коронавирусга қарши 2 миллиард дона вакцина сотиб олмоқчи
БМТнинг Болалар бўйича агентлиги - ЮНИСЕФ COVID-19га қарши 2 миллиард вакцина ва 1 миллиард дона бир марталик шприц сотиб олишни реажалаштираётгани тўғрисида маълум қилди.
23 ноябрь куни ЮНИСЕФ тарқатган баёнотда таъкидланишича, мазкур вакцина ва шприцлар 93та ривожланаётган давлатга тақдим этилади. Бу ЮНИСЕФнинг бир вакцинани сотиб олиш бўйича мисли кўрилмаган “рекорд амалиёти” бўлади.
ЮНИСЕФ ҳар йили дунёнинг деярли юзта давлатида реажалаштирилган эмлаш ишларини олиб бориш учун турли касалликларга қарши 2 миллиард доза вакцина сотиб олади. Лекин шу кунгача битта касалликка қарши бунча миқдорда вакцина сотиб олинмаган.
ЮНИСЕФ COVID-19 вакцинасини давлатларга тезкор етказиб бериш ва уни белгиланган тартибда сақлашни таъминлаш мақсадида юзлаб ҳамкорлар билан музокараларни олиб бормоқда.