Ишга жойлаш эвазига 30 минг доллар талаб қилган бандликка кўмаклашиш маркази директори ушланди
Бектемир туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори М.А., Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти томонидан ўтказилган тезкор тадбир доирасида қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура 24 ноябрь куни хабар берди.
Расман билдирилишича, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори М.А., юқори лавозимдаги танишлари орқали Ш.А.,нинг турмуш ўртоғини Тошкент шаҳридаги туғруқхоналардан бирининг раҳбарлигига тайинланишига кўмаклашишни ваъда қилган.
М.А., бунинг учун Ш.А.,дан 30 000 доллар пора талаб қилган. У келишилган пулнинг 10 минг долларини олаётганда қўлга тушган.
“Мазкур ҳолат юзасидан М.А.,га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми ва 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”,-дейилади хабарда.