Мирзиёев ўтказган видеоселекторда учта туман ҳокимини ишдан олиш масаласи қўйилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 24 ноябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Бухоро, Жондор ва Сирдарё туман ҳокимларини лавозимидан озод этиш масаласи қўйилган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, бунга ҳокимларнинг иш ўринлари ташкил этиш, тадбиркорлар муаммоларини ҳал қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида ўзибўларчиликка йўл қўйгани сабаб бўлган.
Йиғилишда Ёзёвон, Учтепа, Шофиркон ва Бекобод туманларида фаол тадбиркорларни кўпайтириш бўйича ишлар ҳам танқид қилинган. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига бундай жойларда тадбиркорларга ҳар томонлама кўмак бериш бўйича “бизнес-патронаж” тизимини йўлга қўйиш топширилган.
Пандемия даврида вақтинча ишламай турган 96 мингта корхона ўз фаолиятини тиклагани айтилиб, қолган бизнес субъектларига ҳам бу борада кўмаклашиш муҳимлиги таъкидланган.
Ҳудудларда тадбиркорларни ер масаласи кўп қийнаётгани, бу борада кўплаб мурожаатлар бўлаётгани кўрсатиб ўтилган.
Йиғилишда, шунингдек, жойларда инфратузилмани яхшилаш масаласига эътибор қаратилган. Ривожланишдан орқада қолаётган 22 та туман учун инвестиция дастури доирасида 264 миллиард сўм, бошқа ҳудудлар учун қўшимча 736 миллиард сўм йўналтирилиши қайд этилган.
Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ҳокимларнинг ҳисоботини маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиб, фаолиятига баҳо бериш, шунингдек, 2021 йил учун аниқ режаларни белгилаш муҳимлиги урғуланган.