Астрахан вилояти Ўзбекистондан 10 минг нафаргача меҳнат муҳожирини қабул қилиши мумкин
Россиянинг Астрахан вилояти қишлоқ хўжалиги ишлари учун 10 минг чоғли меҳнат муҳожирини қабул қилишга тайёр. Шунингдек, балиқни қайта ишлаш корхоналари ва қурилиш соҳасига ҳам ишчилар керак. Бу ҳақда Астрахан вилояти қишлоқ хўжалиги ва балиқ саноати вазири Руслан Пашаев Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти расмийлари билан видеоконференция шаклида ўтказилган учрашувда маълум қилган.
Учрашувда томонлар мавсумий ишга жойлаш масаласи долзарб бўлиб қолаётганини қайд этганлар. Хусусан, ўзбекистонлик расмийлар Астрахан вилояти ўзлари учун муҳим ҳамкор бўлиб ҳисобланишини урғулаб, бу ҳамкорлик алоқаларининг кенгайишидан манфаатдор эканларини урғулаганлар.
Музокаралар чоғида томонлар меҳнат муҳожирлиги соҳасидаги ҳамкорлик бўйича биргаликда ўтказилажак тадбирлар режасини тузиб чиқиш ҳақида келишиб олганлар.
Маълумотларга кўра, Астрахан вилоятида қонуний равишда ишлаётган меҳнат муҳожирлари сони бўйича Ўзбекистон биринчи ўринда туради.