АҚШ Хитойни Тайванга "босим ўтказишни" тўхтатишга чақиради
Америка Қўшма Штатлари Хитойдан Тайванга босимни тўхтатишни талаб қилди.
Бунга Хитой бомбардимончи ва қирувчи учоқлари Тайваннинг ҳаво мудофааси зонасига кириб боргани сабаб бўлди.
АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс 23 январь куни эълон қилган баёнотда қайд этилишича, Вашингтон Пекинни "Тайванга қарши ҳарбий, дипломатик ва иқтисодий босимни тўхтатишга ва бунинг ўрнига Тайваннинг демократик йўл билан сайланган вакиллари билан мазмунли мулоқот қилишга" чақирган.
"АҚШ ХХРнинг [Хитой Халқ Республикаси] қўшниларини қўрқитишга қаратилган доимий уринишларини хавотир билан қайд этмоқда",- дейилади Прайс билдирувида.
Расмий вакил АҚШ Тайванга ўзини мудофаа қилишга кўмаклашишда давом этишини қўшимча қилди.