Ўзини “Кадастр” ходими деб таништирган фирибгар ва кўчмас мулк кадастр давлат корхонаси филиали мутахассиси жиноят устида ушланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Жалақудуқ туман бўлимлари томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган, ҳеч қаерда ишламайдиган М.К. фуқароларга ўзини туман Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси ходими деб таништириб, М.А. ва унинг қўшнисига уй-жой қуриш учун “Ҳақиқат” МФЙ ҳудудидан ҳар бирига 6 сотихдан, 12 сотих ер майдони олиб беришга ишонтириб, эвазига 1.300 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Худди шундай, Департамент ҳамда ДХХнинг Жондор туман бўлимлари томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр давлат корхонаси Жондор тумани филиали мутахассиси Ф.С., фуқаро Р.нинг ишончига кириб, унинг 23 сотих ер майдонини деҳқон хўжалиги номига расмийлаштириш масаласини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ҳал қилиб бериш эвазига, олдиндан келишилган 400 АҚШ доллари ҳисобидан, 100 АҚШ доллари ва 2 млн сўмни олган вақтда ашёвий далил билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси ва 28,211-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.