Россияда нефть ўғирлаш схемаларини фош қилган журналист 8 йилга қамалди
Ғарбий Сибирда катта миқдорда нефть ўғирланганини фош қилгани учун терговчилар таъқибига учраган россиялик журналист Эдуард Шмонин шантаж ва порнографияда айбланиб, саккиз йилга озодликдан маҳрум этилди.
Радио Свободанинг хабар беришича, 14 май куни Россиянинг нефтга бой Ханти-Манси автоном округидаги Сургут шаҳри суди Шмонинни саккиз йилга қамаш ҳукмини чиқарган.
«Компромат» сайтини юритган Шмонин ўтказган журналистик суриштирув Радио Свобода Россиянинг қувур тармоғидан саноат миқёсида нефть ўғирланаётгани тўғрисидаги мустақил суриштируви учун асос бўлган эди.
Март ойида нашр этилган суриштирув Шмонин томонидан олдинроқ аниқланган кўплаб тафсилотларни тасдиқлади ва нефть ўғирлаш схемаларида Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари роли тўғрисида янги далилларни тақдим этди.
Шмонинга бир неча айблов, жумладан, собиқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига туҳмат қилиш айблови қўйилганди. Ушбу айбловларнинг аксарияти бекор қилинди ва фақат маҳаллий депутатни шантаж қилиши ҳамда ноқонуний тарзда порнографияни тарқатиши айбловлари қолдирилди. Иккала айбловга депутат ва бошқа эркак жинсий алоқаси акс этган видео асос бўлган.