Оналар эмизишни COVID-19 касаллиги ва эмлашдан кейин давом эттириши мумкинми? ЖССТ мутахассислари жавоб берди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари маълум қилишича, оналар эмизишни COVID-19 касаллигида ҳам, эмлашдан кейин ҳам давом эттириши мумкин.
Тадқиқотларга кўра, бу касалликни келтириб чиқарадиган SARS-CoV-2 вируси она сутида топилмаган. Онани эмлаш ҳам болага ҳеч қандай хавф туғдирмайди.
Бундан ташқари, ЖССТ мутахассисларининг фикрига кўра, эмлашдан сўнг она сутида коронавирусга қарши антитаналар топилган, бу эса, аксинча, болани касалликдан ҳимоя қила олади. ЖССТ эмизикли оналарни эмлашга ва эмизишни давом эттиришга чақиради.
«Она сутида чақалоқни нафас олиш муаммоларидан ҳимоя қиладиган антитаналар ва бошқа иммунологик элементлар мавжуд. Боланинг ўсиши, ривожланиши ва соғлиғи учун эмизишни муҳимлигини тасдиқловчи кўплаб далиллар мавжуд, шунингдек, у семириб кетиш ва юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олади», – дейди ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси мамлакат стратегияси ва соғлиқни сақлаш тизимлари директори Наташа Аццопарди-Мускат.
ЖССТ мутахассислари COVID-19 билан касалланган эмизикли оналарга овқатланиш вақтида ниқоб тақиб юришни, болани ушламасдан олдин қўлларини совун ва сув билан яхшилаб ювиб ташлашни ва тегиб турган юзаларни мунтазам дезинфекция қилишни тавсия қиладилар.
ЖССТнинг Европа минтақаси эмизиш даражаси бўйича дунёда энг паст кўрсаткичга эга. Европадаги чақалоқларнинг атиги 13 фоизи ҳаётининг биринчи олти ойида фақат она сутини эмади. Бундан ташқари, минтақада вояга этганларнинг умумий сонининг атиги учдан бир қисми тўлиқ эмлаш курсидан ўтди.