Reuters Россия Суриянинг Идлиб шаҳрига ҳаводан зарба берганини хабар қилди
Россия авиацияси 2 январь куни Суриянинг Идлиб шаҳри атрофини бомбардимон қилди, деб хабар берди Reuters агентлиги қуролли мухолифат расмийларига таянган ҳолда.
Хабарда айтилишича, Россия самолётлари бир нечта аҳоли пункти ва сув таъминоти станциясига бомба ташлаган. Бунинг оқибатида Идлиб сув таъминотидан узилиб қолди.
Идлиб атрофидаги вақтинчалик лагерга тушган бомба оқибатида бир аёл ва икки бола ҳалок бўлгани айтилмоқда. Бу Сурияда ноябрь ойидан бери амалга оширилган биринчи авиаҳужум бўлди.
Сурия ҳукумати ҳозирча бу хабарни тасдиқламади ва инкор ҳам этмади. Аввалроқ президент Башар Ассадга содиқ кучлар жиҳодчиларга қарши ҳужумларни амалга ошира бошлаганини маълум қилганди.
Башар Ассад ҳокимиятига қарши 2011 йилда бошланган норозиликлар фуқаролик урушига айланиб кетган эди. Суриядаги урушда шу кунгача 400 минг киши ҳалок бўлди, миллионлаб одам қочқинга айланди.