ГАЙМОРИТДАН ҚАНДАЙ ХАЛОС БЎЛИШ МУМКИН?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати гайморит касаллигига ташхис қўйиш ва даволаш, унинг олдини олишга доир саволлар билан олий тоифали шифокор Равшанбек УМАРОВга мурожаат қилди.
— Гайморитнинг сурункали ва ўткир турлари қандай фарқланади?
— Касалликнинг 2 ойдан ортиқ давом этиши унинг сурункали тус олганини билдиради. Сурункали гайморитнинг (катарал, йирингли, полипли, кистали, йиринг-полип-кистал, атрофик-некротик, одонтоген ва аралаш) каби бир неча турлари бор.
Ушбу хасталикнинг ўткир турини ўз вақтида даволамаслик кўпгина ҳолларда сурункали турга айланишига сабаб бўлади.
— Касалликка қандай ташхис қўйилади ва даволанади?
— Гайморитни тўғри даволаш учун, энг аввало, унга аниқ ташхис қўйиш зарур. Бунинг учун беморнинг шикоятини ва хасталик ривожланишини тўлиқ ўрганиш лозим. Шунингдек, бурун ичини синчиклаб кўриш, атрофини пайпаслаш, компьютер томография текширувини қўллаш, пункция амалга оширилади.
Касалликни консерватив, яъни дори-дармонлар билан ёки оператив даволаш мумкин. Хусусан, ўткир гайморитлар одатда консерватив (антибиотиклар, бурун томчилари, бурунни Проец усулида ювиш, пункция қилиш) орқали муолажа қилинади. Агар хасталик кўз ёки мияга асорат берса, операция қилиш лозим бўлади.
Сурункали гайморитларнинг катарал ҳамда йирингли турлари консерватив, қолган барча турлари эса оператив (эндоскопик микрожарроҳлик) тарзда даволанади.
— Хасталикнинг олдини олиш учун нималарга эътибор бериш лозим?
— Энг биринчи галда соғлом турмуш тарзига риоя қилиш керак. Хусусан, организмни чиниқтириш, жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, совқотишдан сақланиш, бурундан нафас олиш қийинлигини ўз вақтида бартараф этиш, стоматолог кўригидан ўтиб туриш, совуқ ҳавода бош кийимсиз кўчага чиқмаслик, шамоллаш ва гриппни ўз вақтида даволаш гайморитдан сақланишда катта ёрдам беради.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.