ИИБ Бухорода шаҳар ҳокими уйидан 200 минг доллар ўғирланганига оид маълумотни рад этди
Бухорода шаҳар ҳокими Жамол Носировнинг хонадонидан номаълум шахслар шу йил 4 январида 200 минг доллар пул ўғирлаб кетганига оид ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумот мутлақо нотўғри. Бу ҳақда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати баёнот тарқатди.
Раддияномага мувофиқ, мазкур маълумот Бухоро вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганилганда шаҳар ҳокими Жамол Носировнинг хонадонида ўғирлик жинояти содир бўлмагани, Ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимларига бундай мазмундаги ҳодиса содир бўлгани тўғрисида бирор-бир хабар ёки мурожаат келиб тушмагани, ҳокимнинг бирор яқин қариндоши томонидан ҳам бундай жиноий ҳодиса юз бергани юзасидан мурожаат тушмагани маълум бўлган.
Тартиб посбонлари ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бу каби асоссиз хабар ва маълумотларни тарқатмаслик, ҳар қандай жиноят ва ҳодисалар юзасидан расмий маълумот олиш учун Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизматига мурожаат қилишни сўраган.