Мирзиёев яна Афғонистонда тинчлик жараёнига кўмаклашишнинг аҳамиятини урғулади
Афғонистонда гуманитар инқироз авж олишига йўл қўймаслик ҳамда тинчлик жараёнига кўмаклашиш муҳим. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 27 январь куни ўтказилган “Ҳиндистон – Марказий Осиё” онлайн саммитида билдирган.
Президент матбуот хизмати томонидан ёйинланган нутқ матнига мувофиқ, Мирзиёев Афғонистондаги тинчлик жараёнига кўмаклашиш Марказий Осиё ва Ҳиндистон ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтиришга хизмат қиладиган муҳим инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар очишини урғулаган. Афғонистонда тинчликни таъминлашнинг аҳамияти ҳақида Ўзбекистон президент аввал ҳам бир неча бор сўзлаган.
Ш. Мирзиёев пайшанба куни “Ҳиндистон – Марказий Осиё” саммитида иштирок этиши ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди. Расмий Деҳли ташаббуси билан илк бор ўтказилган мазкур анжуманда Ўзбекистон президентидан ташқари Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовлар қатнашган.
Саммитдаги нутқида Ўзбекистон президенти Ҳиндистон билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларига тўхталиб, улар орасида таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, энергетик самарадорлик ва “яшил” тараққиёт ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик каби масалаларни санаган.