Ўзбекистон Украинадаги фуқароларини Польша орқали эвакуация қилади — Бизга қўшилинг: ???? https://t.me/joinchat/AAAAADwt0NGCRoONT4f1_Q
Украинадаги ўзбекистонликлар Польша орқали олиб чиқилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси хабар берди. Элчихонанинг расмий сайтида эълон қилинган хабарда ватанга қайтиш учун Львовга келган ўзбекистонликлардан шу ердаги ўзбеклар диаспораси вакили Маъруф Саъдиев билан боғланиб, рўйхатга киритиш учун ўзи ҳақида маълумотлар ҳамда тегишли ҳужжатларни тақдим этиш сўралган. Қайд этилишича, Украинада қолиб кетган ватандошлар Ўзбекистоннинг Украина ҳамда Польша давлатларидаги элчихоналари вакиллари ҳамроҳлигида автобус орқали чегарадан олиб ўтилади. Элчихона Польшага мустақил боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларини чегарада муаммоларга дуч келиш мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Эвакуация режалаштирилган фуқаролар орасида қуйидаги тоифаларга устуворлик берилади ва улар биринчи навбатда олиб ўтилади: - қариялар; - болали аёллар; - талабалар ва болалар. «Хавфсиз эвакуациянгизни таъминлаш учун имкон қадар ҳаракат қиламиз», дейилади хабарда. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, Польшанинг тегишли идоралари Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Польша давлат чегарасини визасиз кесиб ўтишларига розилик берган. Шу куни Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Қобулжонов Украина ҳудудида 4300 га яқин Ўзбекистон фуқароси бўлиб тургани, — Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси маълумотига кўра, жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмагани, шунингдек, Россиянинг Украина чегаралари яқинидаги ўзбекистонликларга хавф йўқлигини маълум қилганди.