Украина Қуролли Кучлари Бош штабининг Тошкент вақти билан соат 10 гача бўлган вазият тўғрисидаги маълумоти
Украина Қуролли Кучлари Бош штаби 26 февраль соат 6:00 (Тошкент вақти билан соат 10) гача бўлган вазият юзасидан маълумот берди.
“Душман захирадаги бўлинмаларни Украина билан чегарадош ҳудудларга қайта тақсимлашни бошлади ва аэродромларга, Украина шарқидаги ҳамда Киев вилоятининг шимолий қисмидаги украин ҳарбий қисмларига ҳаводан зарба бермоқда. Сумск, Полтава, Мариуполга ҳаводан ҳужум қилинди. Душман Қора денгиздан “Калибр” русумидаги қанотли ракеталар билан Украина ҳудудига зарба берди”,-дейилади билдирувда.
Озодлик радиоси украин хизматининг Бош штабга таянган ҳолда хабар беришича, Россия тактик авиацияси босиб олинган Қрим ва Беларусь ҳудудидан туриб бошқарилмоқда.
Жумладан, Россия Шарқий ҳарбий округи батальонлари Беларуснинг Мозир минтақасида жойлаштирилган.
Украина Қуролли Кучлари Бош штаби 24 февралдан 26 февраль соат 6:00 гача Россиянинг 14та самолёти, 8 вертолёти, 102 танки, 536 зирхли машинаси, 15 замбараги, 1 та “БУК” зенит-ракета комплекси йўқ қилинганини билдирди.
Украина Қуролли Кучлари Бош штаби украин томони талафотларини очиқламади. Россия ҳукумати шу кунгача ўз йўқотишлари ва Украина йўқотишлари тўғрисида ўзида мавжуд маълумотларни эълон қилмади.