Пискентда олган қарзи ўрнига қалбаки 3,2 минг доллар берган шахс ушланди — Бизга қўшилинг: ???? https://t.me/joinchat/AAAAADwt0NGCRoONT4f1_Q
Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент Тошкент вилояти Пискент туманида фуқародан олган қарзи ўрнига қалбаки доллар берган шахс қўлга олинди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент. Маълум қилинишича, департаментнинг Пискент туман бўлими томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида Б.К. исмли шахс ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, фуқаро Ж.Р.дан олган қарзи эвазига қалбаки 3,2 минг доллар бергани аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.