Uzbekistan Airways Россияга парвозлар тўхтатилмаслигини билдирди
![Uzbekistan Airways Россияга парвозлар тўхтатилмаслигини билдирди](https://gdb.rferl.org/2E054E64-9C2E-4C33-9CFD-1D4763F28EF9_w800_h450.jpg)
Uzbekistan Airways ширкати 7 март куни Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги қатновлар тўхтатилмаслигини маълум қилди.
Ширкат матбуот котиби Камола Икромованинг билдиришича: “Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги авиақатновлар жадвалга мувофиқ узилишларсиз амалга оширилади ва хавотирга ўрин йўқ.
6 март куни Ўзбекистон Транспорт Вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги Россиянинг “Smartavia” ва “I FLY” авиаширкатлари 5 мартдан бошлаб Ўзбекистонга амалга ошириладиган рейсларни тўхтатгани тўғрисида хабар берганди.
Бундан аввалроқ “Аэрофлот”, “Россия”, “Аврора” ва S7 авиаширкатлари ҳам халқаро рейсларни амалга оширишни тўхтатганини билдирган.
Кремль Украинага уруш очгани ортидан жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари Россия авиаширкатлари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Қатор давлатлар эса Россия авиаширкатларига ижарага берилган самолётларни қайтариб олиш тўғрисида қарор чиқарган эди.