Россиядаги шаҳар ва регионлар раҳбарлари Украинада ҳалок бўлган рус аскарлари тўғрисида хабар бермоқда
Сўнгги кунларда Россия шаҳарлари ва регионлари раҳбарлари Украинада ҳалок бўлган аскарлар тўғрисидаги маълумотларни эълон қила бошлади.
Бурятия раҳбари Алексей Циденов Украинада бурятиялик 8 аскар ҳалок бўлгани ва 40 нафари яраланганини билдирди.
6 март куни Норильск шаҳри мэри Дмитрий Карасев Украинада норильсклик бир аскар ҳалок бўлгани тўғрисида ўзининг инстаграм саҳифасида ёзди.
Тува республикаси рахбари Владислав Ховалиг тувалик 4 аскар, Амурск вилояти губернатори Василий Орлов амурлик 1 аскар ҳалок бўлганини хабар қилди.
Аввалроқ Доғистон, Чеченистон, Қалмиқистон, Красноярск, Ёқутистон, Иркутск раҳбарлари ҳам Украинада ҳалок бўлган ватандошлари тўғрисида хабар берган эди.
Россия Мудофаа вазирлиги 2 март куни Украинада 498 рус аскари ҳалок бўлгани ва 1 600 га яқини яраланганини билдирганди. Украина ҳукумати эса урушнинг 11 кунида ўн мингдан ортиқ рус аскари ҳалок бўлгани ва яралангани тўғрисида маълум қилган.