Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов вафот этди
Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов бугун, 16 май куни 73 ёшида вафот этди.
Абдуназар Поёнов 1949 йил Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида туғилган бўлиб, 1973 йилда ҳозирги Термиз давлат университетини тамомлаган. Узоқ йиллар Қизириқ туманидаги умумтаълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаган.
Абдуназар Поёнов Шеробод достончилик мактаби вакили саналади. У достон айтиш анъанасини Мардонқул Авлиёқул ўғли ва Умар бахшидан ўрганган. Унинг ижро дастуридан «Алпомиш» ва «Гўрўғли» достони туркумига кирувчи бир қанча достонлар, шунингдек, достон ижрочилиги йўлидаги халқ қўшиқлари, термалар ўрин олган.
Маълумот ўрнида, Абдуназар Поёнов 2003 йил «Ўзбекистон халқ бахшиси» унвони билан тақдирланган. Истеъдодли бахши Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил Сурхондарёга ташрифи доирасидаги бахшилар билан мулоқоти чоғида ҳам президаен эътирофига сазавор бўлган.