Президент Мирзиёев пиёда юрганларга пул бериш тизимини “ими-жими”да бекор қилгани маълум бўлди
Ўзбекистонда “Соғлом турмуш тарзи” платформасининг www.1hls.uz иловаси орқали пиёда юрганларга пул тўлаш тизими президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 6 апрелдаги ПФ-98-сонли фармонига асосан бекор қилингани тўғрисида ҳуқуқшунос-блогер Хушнудбек Худойбердиев ўз Telegram-каналида маълум қилди.
Блогернинг таъкидлашича, Спортни ривожлантириш вазирлиги бу ҳақда шу кунгача аҳолига расман маълумот бермаган, пиёда юрувчилар эса ўзларига берилиши лозим бўлган маблағларни ололмаган.
Блогер бу ҳақда ёзар экан, ўзининг икки таҳмини мавжудлигини маълум қилган:
“Шахсан менда 2 та вариант бор:
Биринчиси, бюджетда пул етмай қолган. Аммо бу ишончсиз вариант. Спортга триллионлаб пул сарфланаётган бир пайтда пиёда юрадиган аҳолига бериш учун йилига тахминан 100 млрд сўм пул топилмаслиги уят.
Иккинчиси, янги ташкил этилган Спортни ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти бунақа тизим учун бошини қотириб, ўзини қийнагиси келмаган ва тинчгина уни бутунлай бекор қилиб қўя қолишни афзал билган. Бу вариант биринчисидан ҳам уятлироқ”.
26 май куни ўзбекистонликлар орасида машҳур бўлган Davletovuz Telegram-канали муаллифи ҳам пиёда юргани учун расман “Соғлом турмуш тарзи” платформасининг www.1hls.uz иловасида ҳисобланган 177 минг сўмни ололмагани ҳақида ёзди.
Мамлакат президенти 2020 йил октябрида “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаганди. Бу фармон асосида Ўзбекистонда юриш ва югуришни рағбатлантирувчи 1hls.uz иловаси 2021 йилнинг 10 июнида ишга туширилган эди.
Аммо пиёда юрганларга пул тўлаш тизими 2022 йилнинг 16 январдан бошлаб бекор қилинди. Туризм ва спорт вазирлиги буни пиёда юрганларга кунига 3 минг сўмдан бериш ўрнига каттароқ совринлар қўйилиши билан изоҳлаган эди.
“Бундан буён бир кун давомида 10 минг ва ундан кўп қадам юрганларни бир ҳафтада бир марта рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади. Бунда ҳар ҳафта якунлари бўйича иштирокчилар ўртасида совринлар ўйналади. Яъни бир кишига 100 миллион сўм пул, яна минг кишига эса велосипедлар берилади”, -деб билдирган эди ўшанда вазирлик.
Туризм ва спорт вазирлиги сўнги марта 2021 йилнинг 30 декабрида “Соғлом турмуш тарзи” платформаси фойдаланувчиларига 43 миллиард 45 миллион 953 минг сўм миқдорида маблағ тўлаб берилганини билдирганди. Мазкур платформада рўйхатдан ўтган ўзбекистонликлар сони 1 миллион 200 мингдан ошган.
Айни пайтда 2021 йилнинг 9 ноябрида щтган видеоселекторда президент Шавкат Мирзиёев аҳолининг пиёда юришини рағбатлантириш учун 2020 йилда қўшимча 60 миллиард сўм ажратишга кўрсатма берган эди.
Ўзбекистонда юрак-қон томир касалликлари ва семириш кўрсаткичининг юқорилиги ортидан мазкур тизим ишлаб чиқилгани расман билдирилган. Президентнинг билдиришича, Ўзбекистон аҳолисининг 75 фоизи ортиқча вазнга эга.