Эронда бино қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони ошмоқда
Эрон жануби-ғарбидаги Хузистон вилоятининг Ободон шаҳрида 23 май куни 10 қаватли бино қулаб тушганди. Фалокат оқибатида ҳалок бўлганлар сони 37 кишига етган. Бу ҳақда Эрон давлат телевидениеси Ободон губернатори Эҳсон Аббоспурга таяниб хабар берди.
Эрон Таълим вазирлиги маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида беш нафар университет талабалари ҳам бор.
23 май куни Ободон шаҳрида қурилаётган 10 қаватли бизнес маркази биносининг қисман қулаши содир бўлганди. Эрон президенти Иброҳим Раисийвоқеани зудлик билан тергов қилишни ва айбдорларни жавобгарликка тортишни буюрган.
Хузистон вилояти бош прокурори Содиқ Жаъфарий тергов давомида воқеага алоқадорлиги аниқланган шахсларнинг мол-мулки мусодара қилинишини айтган.
РБК