Тимур Кападзе: "Қаршида ҳам ажойиб атмосферада ўйнашимизга ишонаман" — Бизга қўшилинг: ???? https://t.me/joinchat/AAAAADwt0NGCRoONT4f1_Q
Ўзбекистон - Қатар учрашувидан сўнг ўзбекистонликлар устози Тимур Кападзе ва ўйиннинг энг яхши футболчиси Ҳожимат Эркинов ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. - Бугунги ўйинда Жасур Жалолиддинов захирага олинди, бунга сабаб у жароҳат олдими ёки ҳисобдан келиб чиқиб шундай қарорга келдингизми? - Барчани ғалаба билан табриклайман. Мухлисларга ҳам қўллаб-қувватлашгани учун миннатдорчили билдираман. Бугун атмосфера ажойиб эди. Жасур ҳақида гапирадиган бўлсам, унинг саломатлиги яхши, шунчаки бошқа ўйинчиларга ҳам имкон бердим. - Ўйин осон бўлишини кутганмидингиз? - Ўйинга яхши тайёрлангандик. Рақибни ўргандик, қатарликлар чарчаб қолишганди, шу боис ҳисоб йириклашиб кетди. - Бугун жамоа чиндан ҳам шиддатли ўйин намойиш этди. Бироқ рақибларига нисбатан кўп қўполликларни амалга оширди. Араб футболига таёргарлик бўлмадими? - Йигитларнинг ҳар бири кучли ўйин маҳоратига эга. Ўйин шиддатли, курашларга бой бўлди. Бу каби тўқнашувлар табиий ҳолатда юзага келди, эҳтимол, шу сабабли огоҳлантиришлар олгандирмиз. - Бугун шогирдларингиз кутилганидан яхшироқ ўйин кўрсатди. Қийин руҳда ўтган илк ўйиндан сўнг бундай тайёргарлик кўришга нима сабаб бўлди? Ҳожимат Эркинов: - биринчи ўйин қийинроқ ўтди, иккинчи баҳсга биринчисидан жиддийроқ тайёрландик. Туркманистон ҳам оддий жамоа эмасди, улар бугунги ўйинда ғалаба қозонди. Тимур Кападзе: - Туркманистон ҳимоявий ўйин кўрсатганди. Қатар эса очиқ ўйин намойиш этди ва биз бундан унумли фойдаландик. Туркманистон кучсиз жамоа эмас, улар бугун Эронни мағлуб этиб, қандай қудратга эга эканлигини исботлади. - Кейинги ўйинларда ҳам шу бир хил таркибни майдонга туширасизми? - Эҳтимол, ўзгаришлар бўлиши мумкин, чунки захирадаги футболчилар ҳам ҳозирда яхши даражада. Ўзгаришларни вазиятга қараб амалга оширамиз. - Ўйиннинг асосий қисмига тўхталиб ўтсангиз, Қатар мухлисларингиз қаршисида ҳаяжонлангани учун ютқаздими ёки бошқа сабаби борми? - Албатта, мухлислар қаршисида тўп тепиш қўшимча куч бағишлайди. Рақибни мукаммал ўргандик ҳамда тактик тарафдан ҳам, индивидуал тарафдан ҳам яхши тайёргарлик кўрдик. - Кейинги ўйин Қарши шаҳрида ўтказилади, футболчилар бундай сафарга тайёрми? - Эрталабдан келгуси ўйингача тикланишга ҳаракат қиламиз, туш вақти Қашқадарёга самолёт орқали парвоз қиламиз. Олдимизда тайёргарлик кўриш учун икки кун вақт бор. Ўйлайманки, Қаршида ҳам ажойиб атмосферага дуч келамиз, сабаби у ердаги футбол ишқибозларини мухлисларининг қандай қўллаб-қувватлашларини яхши биламиз.