Берунийда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқараётган “яширин цех” фош этилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Беруний туман бўлими томонидан олинган тезкор маълумотларга асосан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.
Унда, фуқаро У.Г. ўз уйида яширин цех ташкил қилиб, қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқараётганлиги аниқланиб, тадбир давомида ушбу хонадондан 4 861 дона қалбаки акциз маркалар, 403 дона “Қаратау” номли қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулотлари, ҳажми 1 литр идишдаги 191 дона спирт, штрих кодли ёрлиқлар ва ишлаб чиқаришда фойдаланилган бошқа товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.