Мирзиёев Бердимуҳамедовни юбилейи билан табриклади
Шавкат Мирзиёев Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовни 65 йиллик юбилейи билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, биродар Туркманистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифига тайёргарлик доирасида икки мамлакатнинг кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Савдо ва саноат, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш ҳамда ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари, шу жумладан Афғонистонда мустаҳкам тинчликни таъминлашга ва ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий тиклашга кўмаклашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Мирзиёев шу кунларда Туркманистон пойтахтида ўтказилаётган олтинчи Каспий саммити муваффақиятли ўтишини тилади.