ОАВ: Honor Россияга смартфонларни Ўзбекистон орқали экспорт қилмоқчи
Хитойнинг смартфонлар ишлаб чиқарувчи Honor ширкати ўз маҳсулотини Россия бозорига тўғридан-тўғри экспорт қилишни тўхтатди, деб хабар берди Москванинг “Ведомости” нашри 30 июнь куни.
Нашр бу маълумотни Honor ширкати дистрибюторларидан биридан олганини, Honor бу борада “Ведомости” сўровига жавоб қайтармаганини таъкидлаган.
Хабарда айтилишича, Honor март ойидаёқ экспортни тўхтатгани аниқ бўлган. Айни пайтда ширкат ўз маҳсулотини Россияга “параллел импорт” қилиш учун Арманистон ва Грузиядан ҳамкор изламоқда.
“Параллел импорт доирасида смартфонларни Россияга экспорт қилиш борасида Ўзбекистон билан келишувга эришилди”,-деб айтган “Ведомости” манбаси.
Нашрнинг ёзишича, Honor “паралел импорт”ни ташкил қилиш ортидан АҚШ санкцияларини четлаб ўтишни кўзламоқда.
Ўзбекистон томони ҳозирча бу хабарга муносабат билдирмади. Аввалроқ АҚШ Россиянинг “Радиавтоматика” ширкатига микросхемалар сотган ва бу билан ширкатга санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашган Ўзбекистоннинг Promcomplektlogistic компаниясини санкциялар жорий этилган корхоналар рўйхатига киритгани хабар қилинган эди.
Россия Бош вазири Михаил Мишустин 30 март куни “параллел импорт” учун жавобгарликни бекор қилиш тўғрисидаги қарорни имзолаган. Бироқ Давлат думаси “параллел импорт”га рухсат берувчи қонунни 21 июнда тасдиқлади. “Параллел импорт” деганда маҳсулотларни Россияга ишлаб чиқарувчининг ва маҳсулотни ишлаб чиқариш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг рухсатисиз олиб кириш тушунилади.
Иқтисодчиларнинг билдиришича, 2022 йилнинг иккинчи чорагида Honor Россия смартфон бозорида 4,2 фоиз улушга эга бўлган ва 5-ўринни эгаллаган.