Жонига суиқасд қилинган Япония собиқ Бош вазири касалхонада вафот этди
Япония собиқ бош вазири суиқасддан сўнг ўзига келмай, касалхонада жон берди. Бу ҳақда Япониянинг NHK телеканали хабар қилди.
Синдзо Абэ 8 июль куни эрталаб Нара шаҳридаги сайловолди чиқиши чоғида яраланган. Абэга орқасидан сочма ўқ отадиган қурол билан камида икки марта ўқ узилган. Маҳаллий турғунлардан бўлган 40 ёшли ҳужумчи Тэцуя Ямагами қўлга олинган. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, у Япония денгиз мудофааси собиқ аскари бўлган.
2006-2007 йиллар ҳамда 2012-2020 йилларда Япония ҳукуматини бошқарган Абэ мамлакат тарихида бош вазир лавозимида энг узоқ вақт ишлаган мулозим бўлиб ҳисобланади. У 2020 йилда бош вазирликдан кетиши сабабини соғлиғи ёмонлашгани билан изоҳлаган эди.
67 ёшли Синдзо Абэ айни пайтда ҳам Япониядаги ҳукумрон Либерал-демократик партиянинг энг нуфузли фигураларидан бири эди. Мазкур партияга Синдзо Абэнинг бобоси асос солган. Шундан сўнг партияга унинг отаси, кейинроқ ўзи раислик қилган.