АҚШ гипертовушдан тез учадиган ракеталарни кузатувчи сунъий йўлдошларни фазога чиқаради
Қўшма Штатлар яқин икки йил давомида гипертовушдан тез учадиган ракеталар учирилишини кузатиш мақсадида 28 та сунъий йўлдошни орбитага чиқаради, дея баёнот берди 18 июль куни Пентагоннинг космик тизимларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Дерек Турнер.
Конгресс замонавий сунъий йўлдош тизимларини яратишга 1,3 миллиард доллар ажратган. Пентагон режасига кўра, янги сунъий йўлдошлар 2025 йил охирига қадар фазога учирилиши лозим.
“Россия билан Хитой гипертовушдан тез учадиган жанговар аппаратларни яратиш ва синаш билан шуғулланмоқда. Ушбу замонавий ракеталарнинг манёврчанлиги жуда юқори... Янги сунъий йўлдошлар уларни топиш, кузатиш ва ҳадафларини аниқлаш мақсадида махсус ишлаб чиқилган”, деган Дерек Турнер.
Қўшма Штатларни кўпроқ Хитойнинг гипертовушдан тез учадиган қурол яратиш дастури жадал ривожланаётгани ташвишга солмоқда. Пентагон вакилига кўра, янги сунъий йўлдошлар ракета учирилган вақтни қайд этади, унинг парвозини кузатади, ҳаракат траекторияси ва зарба объектини аниқлайди ва ушбу маълумотларни уриб туширувчи ракетага йўллайди. Пентагон гипертовушдан тез учадиган ракеталарни кузатувчи сунъий йўлдошлари сонини бир неча йил давомида 80 тага етказмоқчи.
Аввалроқ АҚШ, Буюк Британия ва Австралия гипертовушдан тез учиш тизимларини яратиш бўйича ҳамкорликда иш бошлаганини эълон қилган.