Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга жўнаб кетди
“Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан 20 июль куни Чўлпонота шаҳрига жўнаб кетди. Мамлакатимиз етакчиси Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви доирасидаги тадбирларда иштирок этади”, - деб хабар берди президент матбуот хизмати.
Иссиқкўл вилояти Чўлпонота шаҳрида 20-21 июль кунлари Марказий Осиё давлатлари президентларининг маслаҳат учрашуви ўтказилади. Учрашувда Шавкат Мирзиёевдан ташқари Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этиши кутилмоқда.
Лидерлар минтақада ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, замонавий чақириқлар ва таҳдидларга қарши ҳамкорликда ҳаракат қилиш чоралари юзасидан ўзаро фикр алмашадилар.
Марказий Осиё давлатлари президентларининг биринчи маслаҳат учрашуви Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилнинг март ойида Остона (ҳозирги Нур-Султон)да ўтказилганди.
Иккинчи учрашув 2019 йилнинг 29 ноябрь куни Тошкентда, учинчиси эса 2021 йил 6 августида Туркманистоннинг Аваз шаҳрида ўтказилган.