Қирғизистонда аномал иссиқ оқибатида электр истеъмоли энг юқори тарихий даражага етди
Расман билдирилишича, шу кунларда ўртача бир суткалик истеъмол даражаси 34 миллион 300 минг киловатт-соатни ташкил этмоқда. 2021 йилнинг мос даврида ўртача бир суткалик истеъмол 32 миллион 76 минг киловатт-соатни, 2020 йилда 28 миллион 55 минг киловатт-соатни ташкил қилган.
Аввалроқ аномал иссиқ туфайли Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли табиий равишда энг юқори кўрсаткични ташкил қилгани тўғрисида хабар берилганди.
Энергетика вазирлигининг билдиришича, 2021 йилнинг ёз мавсумида Ўзбекистонда суткасига 224 миллион киловатт-соат электр қуввати истеъмол қилинган. Жорий йилнинг 22 июлида эса шу кунгача бўлган энг юқори истеъмол қайд этилиб, у суткасига 237 миллион киловатт-соатни ташкил қилди.
Энергетика вазирлиги бундан аввал аномал иссиқ оқибатида электр узатиш линиялари ҳаддан ташқари қизиб кетаётгани ва бунинг ортидан диспетчерлар айрим ҳудудлар ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарини электр таъминотидан вақтинча узишга мажбур бўлаётгани ҳақида билдирган эди.