Эртага Қирғизистонда мотам куни деб эълон қилинди
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Россиянинг Уляновск областида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида қирғизистонликлар ҳалок бўлиши муносабати билан фуқароларга мурожаат қилди.
«Биз ватандошларимиз йўл-транспорт ҳодисасига учрагани тўғрисидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик.
Мен ҳалок бўлганларнинг яқинларини тушунаман ва уларга ҳамдардман, ҳозир уларга жуда оғир. Бундай пайтда ҳамдардлик сўзларини айтиш қийин. Авария оқибатида ҳалок бўлган ва жароҳатланганларнинг қариндош ва яқинларига чуқур ҳамдардлигимни билдираман», – деди Қирғизистон президенти.
Унинг сўзларига кўра, йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлганлар ва жабрланганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ёрдам кўрсатилади.Жапаров бу масалани шахсан ўзи назорат қилишини таъкидлади.
«Азиз ватандошлар, бу фожиа – бутун халқимизнинг қайғуси, шу сабабли 23 августни Қирғиз Республикаси ҳудудида умуммиллий мотам куни деб эълон қиламан», – деди Садир Жапаров.
Уляновск областида 21 август, якшанба куни микроавтобус ва иккита юк машинаси тўқнашиб кетди. Николаевский туманининг Николаевка қишлоғи яқинида М-5 Урал йўлида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
ИИВ область бошқармаси хабарига кўра, юк машиналаридан бирининг ҳайдовчиси ўз вақтида тезлигини пасайтирмаган ва микроавтобусга бориб урилган.ЙТҲ оқибатида 16 киши ҳалок бўлган, уларнинг 14 нафари Қирғизистон фуқароси. Уч нафар қирғизистонликнинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.