24 афғон Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган
ДХХ Чегара қўшинлари айни пайтдаги вазият бўйича ахборот берди.
Маълумотга кўра, 21 август куни Сурхондарё вилоятининг Орол Пайғамбар ороли ҳудудида бир гуруҳ Афғонистон фуқаролари Давлат чегарасини бузиб, ўз қайиқларида юқорида қайд этилган орол томон ҳаракатланган.
Ҳудудга етиб келган Ўзбекистон чегара қўшинлари вакилларига қоидабузарлар қаршилик кўрсатган.
«Олиб борилган тезкор тадбир натижасида Ўзбекистон Давлат чегарасини бузганларнинг барчаси (жами 24 нафар) шахсини аниқлаш ва тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш мақсадида қўлга олинди»,-дейилади хабарда.
Ўтказилган суриштирув натижаларига кўра, чегарадаги ҳодисага Ўзбекистоннинг чегара ҳудудида кўп миқдорда ўсадиган қизилмия илдизининг ноқонуний равишда олиниши сабаб бўлган.
«Айни пайтда Орол Пайғамбар ороли ҳудуди Ўзбекистон Чегара қўшинлари бўлинмаларининг тўлиқ назорати остида»,-дейилади хабарда.