Тошкентда юрист пора билан ушланди
Тадбиркорнинг 1500 АҚШ долларини қўлга киритмоқчи бўлган Яккасарой тумани ҳокимлигининг бош юрисконсульти қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, департамент ҳамда ДХХнинг Яккасарой тумани бўлимлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда туман ҳокимлигининг бош юрисконсульти Б.Н. «B.S.» МЧЖ томонидан очилган дўконнинг эгалик ҳуқуқини бекор қилиш юзасидан судлар томонидан кўрилаётган апелляция ишини юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали унинг фойдасига ҳал қилиб беришни ваъда қилиб, бунинг эвазига 1500 доллар талаб қилган. Шундан 500 АҚШ долларини ишни бошлаш баҳонасида қўлга киритиб, қолган 1000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
«Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», дейилади департамент ахборотида.