Кредит маблағларини мақсадсиз сарфлаб, ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан банкларнинг комплаенс-назорати тузилмалари билан ҳамкорлик доирасида пул маблағларининг талон-торож қилиниши бўйича аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ўз вақтида қонуний чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, Департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан АТ “Халқ банки” Самарқанд вилоят Амалиёт бўлимининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, ушбу Амалиёт бўлими масъул шахслари кредит ва унга тенглаштирилган операциялар бўйича таъминотни танлаш ва қабул қилиш тўғрисидаги талабларга амал қилмаганликлари оқибатида “J.Ch.” МЧЖга савдо ва айланма маблағларини тўлдириш учун ажратилган 1,8 млрд сўм кредит маблағлари мақсадсиз сарфланиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.
Департаментнинг Сергели туман бўлими томонидан АТБ “InFinBank” Сергели филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро Х.П. ва бошқалар, ўзаро тил бириктириб, ушбу банк филиалидан ажратилган 408,8 млн сўм кредит ҳисобидан харид қилинган 5 дона “NEXIA-3” русумли автомашинани сохта ҳужжатлар орқали гаровга қўйилишини таъминламасдан бошқа шахсларга сотиб юбориб, ушбу маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Пайариқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “P.I.” МЧЖ иш бошқарувчиси М.Э. ҳудудий тижорат банки филиалидан имтиёзли шартлар асосида 6 нафар фуқарога ажратилган 166,7 млн сўм кредит маблағи эвазига наслли чорва молини етказиб бермасдан, кредит маблағларини ўзлаштирганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланклар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.